Информация о видео

Тиловати: Яқуб Насим.
Таржима: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Саксон уч оятдан ташкил топган бу сура ҳам Маккада нозил бўлгандир. У Қуръони Каримга қасам-ла Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлаш билан бошланиб, сўнгра у Зотни ёлғончи қилган Қурайш кофирлари ва уларнинг топажак оқибатлари ҳақида хабар беради. Бу сурада Аллоҳ таолонинг Антокия шаҳрига юборган элчилари ва шаҳар аҳли уларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлганлари тўғрисида ҳамда ўша ердаги иймон келтирганлиги шарофатидан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган Ҳабиб ан-Нажжор исмли бир солиҳ банда ҳақида ҳикоя қилинади.
Яна бу сурада ўқувчи эътибори кеча билан кундузнинг алмашиб туришидаги; ой ва қуёшдек буюк сайёраларнинг бирон сония тиним билмасдан ўз фазоларида ўта нозик интизом билан айланиб туришларидаги Яратганнинг қудратига далолат қиладиган жиҳатларга қаратилади.
Бу сурада иймон ва тақво аҳли учун ҳозирлаб қўйилган жаннат манзаралари ниҳоятда жонли лавҳаларда чизиб берилади ва кофирларнинг тиллар соқов бўлиб, қўллар тилга кирадиган, оёқлар гувоҳлик берадиган қиёмат кунидаги аҳволлари бутун даҳшати билан баён қилинади.
Сура ўзининг илк ояти «Ёсин» номи билан аталган бўлиб, унинг Қуръони Каримда тутган ўрни — мартабаси ҳақида пайғамбар алайҳис-саломдан мана шундай ҳадиси шариф ривоят қилингандир. У зот: «Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби «Ёсин»дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар кишининг қалбида бўлишини истар эдим» деган эканлар.
Изоҳ: Шайх Алоуддин Мансур.
________________________________________________________________
Tilovati: Yaqub Nasim.
Tarjima: Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf.
Sakson uch oyatdan tashkil topgan bu sura ham Makkada nozil bo‘lgandir. U Qur’oni Karimga qasam-la Muhammad alayhis-salomning haq payg‘ambar ekanliklarini tasdiqlash bilan boshlanib, so‘ngra u Zotni yolg‘onchi qilgan Quraysh kofirlari va ularning topajak oqibatlari haqida xabar beradi. Bu surada Alloh taoloning Antokiya shahriga yuborgan elchilari va shahar ahli ularni yolg‘onchi qilganlari sababli halokatga duchor bo‘lganlari to‘g‘risida hamda o‘sha yerdagi iymon keltirganligi sharofatidan Allohning marhamatiga sazovor bo‘lgan Habib an-Najjor ismli bir solih banda haqida hikoya qilinadi.
Yana bu surada o‘quvchi e’tibori kecha bilan kunduzning almashib turishidagi; oy va quyoshdek buyuk sayyoralarning biron soniya tinim bilmasdan o‘z fazolarida o‘ta nozik intizom bilan aylanib turishlaridagi Yaratganning qudratiga dalolat qiladigan jihatlarga qaratiladi.
Bu surada iymon va taqvo ahli uchun hozirlab qo‘yilgan jannat manzaralari nihoyatda jonli lavhalarda chizib beriladi va kofirlarning tillar soqov bo‘lib, qo‘llar tilga kiradigan, oyoqlar guvohlik beradigan qiyomat kunidagi ahvollari butun dahshati bilan bayon qilinadi.
Sura o‘zining ilk oyati «Yosin» nomi bilan atalgan bo‘lib, uning Qur’oni Karimda tutgan o‘rni — martabasi haqida payg‘ambar alayhis-salomdan mana shunday hadisi sharif rivoyat qilingandir. U zot: «Albatta har bir narsaning qalbi bordir. Qur’onning qalbi «Yosin»dir. Men bu surani ummatimdan har kishining qalbida bo‘lishini istar edim» degan ekanlar.
Izoh: Shayx Alouddin Mansur.